Жаҳон банки Ўзбекистонга электрон тўловларни жорий қилишга доир тавсиялар берди

Дата: 14:03, 04-09-2014.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Жаҳон банки иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган ва ривожланаётган мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонга электрон тўловларни жорий қилишга доир тавсиялар берди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар Жаҳон банки гуруҳининг “Электрон тўловлар иқтисодий ривожланиш учун ҳаётий зарурат” номли маърузасида келтирилган бўлиб, маъруза банк сайтида жойлаштирилган.

Тавсияларнинг ўзи беш бўлимдан иборат.

Биринчи тавсия давлат тўловлари ва бюджет маблағлари тушумларини, шу жумладан, ижтимоий тўловларни тўлаш бўйича электрон тизимларни жорий этиш бўлиб, у хусусий тармоқ хизматларини янада ривожлантиришга, шу жумладан, жисмоний шахслар орасида тўловлар, халқаро ва ички пул ўтказмаларини амалга оширишга имкон беради.

Иккинчи тавсия рақобатни ривожлантириш, мижозларни ўқитиш, бизнес юритишнинг инновацион моделларини шакллантириш асосида электрон молия хизматларининг ривожи учун қонуний асос ва шароитлар яратишдаан иборат.

Учинчи тавсия электрон тўловлар инфраструктурасини ривожлантириш мақсадларида давлат ва хусусий корхоналар алоқаларини йўлга қўйишни ўз ичига олади.

Тўртинчи тавсия хусусий тармоқда инновацион фаолиятни йўлга қўйиш, уни самарали, рақобатбардош, шаффоф ҳамкорга айлантириш учун қулай шароитлар яратиш, бу йўлда стратегик мақсадлар белгилашдан иборат.

Ва ниҳоят, бешинчи тавсия пул ўтказиш ширкатлариниг электрон тўловларни амалга оширишдаги муҳим ролини тан олиш. Хусусан, пул ўтказмаларини нақдга алмаштириш ўрнига уларни банк ҳисоби, электрон “кармон”, смарт карталарга ўтказиш таклиф этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: