Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга $410,3 млн ажратади

Дата: 17:00, 13-06-2014.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Яқинда Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича икки лойиҳага $410,3 млн ажратди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу лойиҳалар мева-сабзовот етиштиришни ривожлантириш ва Жанубий Қорақалпоғистондаги сув ресурсларини бошқариш лойиҳаларидир. Бу тўғрисидаги маълумотлар Жаҳон банкининг сайтида жойлаштирилган.
Хусусан, мева-сабзовот етиштиришни ривожлантириш лойиҳасига $150 млн ажратилмоқда. Бу маблағлар фермерларга ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва уларнинг даромадларини кўпайтиришга кўмаклашишга кетади. Шунингдек, лойиҳа умумий фаровонликни ошириш, қишлоқ жойларда кичик ва ўрта корхоналарнинг ўсишини қўллаб-қувватлаш, агросаноат соҳасида қайта ишлаш, савдо каби йўналишларда яхши ҳақ тўланадиган иш ўринлари сонини кўпайтириш каби ишларни рағбатлантиради.
“Юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари сонини кўпайтириш Ўзбекистондаги қишлоқ ерларда яшовчи аҳоли учун жуда муҳим. Янги лойиҳа бир сўз билан айтганда ана шунга қаратилган”, - деб қайд этди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий директори Сарож Кумар Жа.
Жанубий Қорақалпоғистондаги сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳасига $242,5 млн ва ХТТБнинг $18,22 млн маблағи ажратилмоқда. Ушбу маблағлар ирригация тармоқларини тиклаш ва сув ресурсларини бошқариш усулларини яхшилашга сарф қилинади. Лойиҳа доирасида лойиҳа ҳудудидаги фермерларнинг кўп қувват талаб қилувчи насос станцияларига боғлиқлигига барҳам берилади. Бунинг ўрнига улар Туямўйин сув омборидан оқиб келувчи сувдан фойдалана бошлайдилар.
Ҳар икки лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш стратегиясини амалга оширишга кўмаклашади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган. Банкнинг Ўзбекистондаги миссияси аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга кўмаклашиш, инфраструктура ва ижтимоий тармоқни модернизация қилиш кабиларга йўналтирилган. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги мажбуриятларининг умумий ҳажми $1,4 млрддан ошиқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: