ЖЧ-2018нинг саккизинчи куни Эйяфьядлайёкюдль вулқонининг отилиши каби бўлишга ваъда қилмоқда
Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Россиядаги ЖЧ-2018нинг саккизинчи куни ўйинларида барча нарса: Франция – Перу ўйинида асаблашиш ва ҳаяжонлар, Дания – Австралия ўйинида хотиржамлик ва совуққонлик, Аргентина – Хорватия ўйинида исланд вулқонининг отилиши каби ҳолатлар бўлиши кутилмоқда.
Тан олиш керакки, перуликлар С гуруҳининг Дания билан кечган биринчи ўйинида стадион ва телевизор олдидаги деярли барчани ўзларига мафтун этишди. Уларнинг нима қилиб бўлсада ҳисобни тенглаштиришга бўлган интилишлари, данияликларнинг кўзларидаги учқун ва доимий босимлари кишига ёқмаслиги мумкин эмас.
Шуниси ҳам борки, бугун Тошкент вақти билан соат 17.00да уларга Франция қарши келади. Австралия билан ўйинда мўъжиза туфайли 3 очкони қўлга киритган Дидье Дешам шогирдлари энди ўйин тақдирини олдинроқ ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Рақиб дарвозасига ўйин охирида кириб кетадиган мўъжиза бу сафар рўй бермаслиги мумкин. Лекин кескин кураш ва асаблар таранглиги бўлиши турган гап.
Шундан сўнг, соат 20.00да C гуруҳидан бўлган Дания ва Австралия учрашади. Австралияликларнинг Францияга қарши жуда яхши ўйинига қарамасдан, уларни ўйин фаворитлари деб ҳисоблаш мумкин эмас. Чунки данияликларнинг ўйини анча мазмунли, мустаҳкам ва тизимли.
Австралия ёки ғалаба ёки биринчиликни тарк этиш танлови олдида тургани сабабли ўйин жуда қизиқарли бўлиши кутилмоқда.
Соат 23.00да эса майдонга Аргентина ва Хорватия тушади. Месси ва компания Испания билан D гуруҳидаги дастлабки дурангдан сўнг жамоа нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозониши керак. Ҳар қандай шароитда. Ва жуда кўп нарса Лионелнинг психологик тайёргарлигига боғлиқ бўлади.
Ҳорватларга келсак, Нигерия устидан жуда ишончли ғалабадан сўнг, улар гуруҳнинг фаворити билан дуранг ўйнаши етарли бўлади. Лекин ...
Бироқ Хорватия ўзининг бу кучли таркиби билан ўйнашни истамайди ва дурангга ўйнамайди ҳам. Айнан шу сабабли ҳам кўпчилик футбол ишқибозлари хорватларни ёқтиради.
Хуллас, ўйин 2010 йилдаги Эйяфьядлайёкюдль вулқонининг отилиши каби бўлишга ваъда қилмоқда